Сурхон воҳаси этномаданияти (генезиси, хусусиятлари ва ривожланиш тенденциялари)
Жаҳонда бугун этномаданиятлар халқлар ва этник бирликларнинг миллий ўз-ўзини англаш ва идентикликни сақлаш, ёшлар онгида миллий-маданий меросга садоқат туйғусини тарбиялаш механизми сифатида ривожланмоқда. Этномаданиятлар анъана, урф-одатлар, ижтимоий муносабатларни, давлатлараро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, маданиятлараро диалогни такомиллаштириш омили сифатида қайта тикланмоқда. Шунингдек, айни пайтда замонавий турмуш тарзи шиори остида турли даражадаги «оммавий маданият» кўринишлари, «Готчилик», «Металистлар», «Эмочилик», «Рэперлар», «Панклар», «Хиппилар», «Рокерлар» каби субмаданият кўринишлари, инсон эркинлиги шиори остидаги ЛГБТ каби ҳаракатлар авж олмоқда. Шу боис, этномаданий анъаналарни оммалаштириш, миллий фестиваллар ташкил этиш, халқларнинг маънавий меросини ўрганиш ва авлодлараро ворисийликни таъминлаш орқали этномаданиятнинг этнолокал жиҳатларини қадрсизланишини бартараф этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.